Қумқўрғон тумани ҳокимлиги
Конституция инсон ҳуқуқ ва эркинларининг қалқони.

Йиллар ўтган сайин аосий Қонунимизнинг ҳаётимиз, тараққиётимиз учун аҳамияти қанчалик катта эканлигига, танлаган йўлимиз ниҳоятда тўғри эканлигига қайта – қайта ишонч ҳосил қилаверамиз. Фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришларини, тинч тотувлигини таъминлашни асосий мақсадлардан бири деб эълон қилган Конституциямиз босиб ўтган даврига назар ташлайдиган бўлсак, шу қисқа вақт мобайнида мамлакатимизда асрларга татигулик ишлар амалга оширилганлигига гувоҳ бўламиз. Ҳар бир фуқаро ўзини жамият оғушида, уни қувончу-ташвишлари қуршовида ҳис қила бошлади. Конституция давлат суверенитети ғояларига содиқлик билан йўғрилди ва инсон ҳуқуқларини муқаддас деб эътироф этди.

Президентимиз таъбирлари билан айтадиган бўлсак, мустақиллигимиз бизга энг олий неъмат бўлган ҳуқуқни инъом этди. Бу мустақилликни англаш ва фикрлаш, ўз тақдирини ўз халқи билан бирга мустақил ҳал қилиш ҳуқуқидир. Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчларига бағишланган ҳуқуқий нормаларнинг аввалги Конституциялардан фарқли ўлароқ, Конституциямизда энг олдинги ўринларда, яъни иккинчи бўлимда жойлаштирилганлиги ҳам эътиборга лойиқдир.

Конституциянинг 22-моддасида давлат ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳуқуқий ҳимоя қилиши ва уларга ҳомийлик кўрсатиши, 23-моддасида республика ҳудудида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ ҳимояланиши кафолатлаб қўйилди. Шунингдек, шахсий ҳуқуқлар ва эркинликлар – инсон ҳаётига суиқасд қилиш оғир жиноят эканлиги, ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши ёки қамоқда сақланиши мумкин эмаслиги, айблилиги фақатгина суднинг қонуний қарори асосида тан олиниши мумкинлиги, ҳар ким қадр-қиммати, обрўсига тажовузлардан ҳимояланиши ҳуқуқига эгалиги VII-боб доирасида қатъий белгиланди. Конституциянинг 32-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш йўли билан амалга оширилади” деб белгилаб қўйилди.

Фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқлари қаторида қайд этилган ушбу норма бугун ҳаётда ўз ўрнини топганлигини барчамиз кўриб турибмиз. Ўтказилган сайловларда фуқароларимиз ўзларининг сиёсий ва фуқаролик савияси етуклигини кўрсатишди.

Ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли, хусусий мулк дахлсиз ва давлат ҳимоясида деган нормалар илк бор Конституцияга киритилди. Конституциянинг 36-моддасида мустаҳкамланган ушбу норма бозор иқтисодиётини ҳаракатга келтирувчи куч бўлган тадбиркорлик учун кенг йўл очиб берди.

Кучли ижтимоий ҳимоя тизими, ҳар бир инсоннинг малакали тиббий хизматдан фойдаланиш, бепул умумий таълим олиш ҳуқуқлари ҳам Конституциямизда алоҳида-алоҳида моддаларда белгилаб қўйилди. Давлат органлари, ташкилотлари билан бирга мамлакатимизда турли кўринишдаги жамоат бирлашмаларининг фаолият юритиши Конституцион тарзда XIII бобда алоҳида мустаҳкамланди.

Мана шу нормага асосан бугунга келиб, республикамизда “Жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги, “Нодавлат-нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги ва бошқа қонунлар қабул қилиниб, шундай ташкилотлар фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиб туришга хизмат қилмоқда.  

Конституцияда оила масаласига ҳам алоҳида боб ажратилган. “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга”, дея кўрсатилган Конституциянинг 63-моддасида. Ота-оналарга ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялаш мажбурияти конституцияга кўра юклатилганлиги соғлом ва баркамол инсонни шаклланишида муҳим аҳамиятга эгадир.

Давлат ҳокимиятининг ташкил этилиши масалалари ҳам энг муҳим масалалардан ҳисобланиб, унинг барча тизими бир маромда фаолият юритиши учун зарурий ҳуқуқий асосларнинг яратилишида, давлат ўз олдига қўйган вазифаларни амалга оширишида, кўзлаган мақсадларга эришишида қонунлар алоҳида ўрин тутади.

 

Фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон

туманлараро суди судьяси Ф.Хидиров

 

Изоҳ қолдириш

Рўйхатдан ўтиш
2 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сайт ҳақида фирингиз?

Ўзбекистон Республикаси герби    Ўзбекистон Республикаси байроғи   Ўзбекистон Республикаси мадҳияси